«Ватан эртасини бизга ишонинг!»
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «Ёшлар ҳафталиги»да иштирокчилар ана шундай кўтаринкилик билан қатнашмоқда
Мамалакатимизда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун барча имкониятларни яратиб бериш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Пойтахтимизда “Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар ҳафталиги” ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, юксак марраларни эгаллаётган ёшларни бир даврага жамлади, десак муболаға бўлмайди. Ҳафталик доирасида истеъдодли ёшларни аниқлаш, рағбатлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга ошириш мўлжалланган.
«Камолот» ЁИҲ, Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этган мазкур фестивалда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, «Ниҳол» мукофоти сов¬риндорлари, халқаро олимпиада ва мусобақалар, республика танловлари, спорт турнирлари ғолиблари, санъат ва маданият намояндалари, илм-фан арбоблари, хорижлик экспертлар иштирок этмоқда.
Ҳафталикнинг очилишига бағишланган матбуот анжуманида «Камолот» ЁИҲ Марказий Кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев ва бошқалар «Ёшлар ҳафталиги» мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам¬оҳанг эканлигини таъкидладилар.
Юксак маънавиятли, мус¬тақил фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, соғлом ва баркамол авлодни шакл¬лантириш мақсадида ташкил этилаётган бу йирик тадбир ҳар бир иштирокчи ҳаётида ёрқин из қолдириши шубҳасиз. Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган ҳар бир лойиҳа ўз мақсад ва мазмунига эга.
— Глобаллашув даврида, чексиз интернет маконида ёшлар онгига таъсир этиб, уларни тўғри йўналтириш долзарб вазифалардан биридир, — деди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Шерматов ҳафталикнинг мақсад ва мазмунига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида. — Ҳафталик доирасида ташкил этилаётган «MIT.uz» ло¬йиҳаси — Миллий интернет танлови ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган, интернет тармоғида миллий сегментни ривожлантириш, электрон ресурслардан хавфсиз фойдаланиш, ёшларда ахборот маданиятини шакллантириш борасида изланиш олиб бораётган ёш дастурчиларни рағбатлантиради. Бу танловда иштирок этишни хоҳловчилар сафининг кўпаяётгани ёшларнинг миллий интернет ресурсларига нисбатан қизиқиши ортаётганини кўрсатиб турибди.
Ҳафталикнинг асосий тадбирлари ўтказилаётган пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройи фикр ва ғоялар алмашиш, ўз ижод маҳсулини омма эътиборига ҳавола этиш, билим ва салоҳиятини намоён этиш майдонига айланди. Ижодий ва кўтаринки кайфият ҳар бир иштирокчида кузатилаётгани қувонарли ҳолдир. Энг ёрқин лойиҳалардан бири бўлган мода ва дизайн фестивали кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди.
— Фестиваль анъанавий мода ҳафталикларидан фарқ қилади, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси ўринбосари Фарҳод Тошмуҳаммедов. — «Мода лабораторияси» намойиши, миллий либослар ва замонавий модельерлар дефильеси, ёш ҳунарманд ва рассомлар кўргазмаси, маҳорат сабоқлари ташкил этилмоқда. «Artlas» ёш дизайнерлар танловининг финал босқичида ғолибликни қўлга киритган 70 га яқин ёш дизайнернинг энг сара асарлари тўплами мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси Малоҳат Хўжақулова яратган либос ўзига хослиги билан ажралиб турибди. У оддий қоғоз ва салфетка билан безатилган.
— Оқ матодан тиккан бу либосим куб, ромб ва олтибурчакли оригамилар билан безатилган, — дейди ёш дизайнер. — Елка қисмига қоғоз билан ишлов берилган. Устозим «Либос дизайни» кафедраси доценти Шоира Қосимова билан ҳамкорликда ишладик. Уни яратиш мураккаб бўлмаса-да, қунт ва ҳафсала талаб қилади. Фойдаланилган деталларнинг енгил ва арзонлиги, қоғоз ёки салфеткадан ясалгани томошабинлар қизиқишига сабаб бўлди.
Фестиваль Малоҳат каби ижодкор ёшлар ўртасида илмий-ижодий ҳамкорлик муҳитини яратди, бошқача айтганда, уларни бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Эътиборлиси, касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ҳам фестивалда ўз ижод намуналари билан фаоллик кўрсатаётир.
— Коллежимиз ўқувчилари 50 га яқин ишланма билан иштирок этаяпти, — дейди Республика рассомлик коллежи «Тарихий либослар дизайни» кафедраси ўқитувчиси Шаҳноза Садирова. — Дизайнерга оддий чевардан кўра кўпроқ масъулият юкланади. Айниқса, миллий, тарихий, театр либосларини яратиш учун катта билим ва уқув керак. Ўқувчиларни тарихий маданий ёдгорликлардаги ранглар уйғунлиги, турли урф-одат ва қадриятлар тарихини ўрганишга ундаймиз.
Ҳафталик доирасида кинематография соҳасида ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта экранларда ўз ижодини намойиш этишига имконият яратиш мақсадида «PROlogue» (муқаддима) — ёш ижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II республика фестивали ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 га яқин профессионал ва ҳаваскор ёш кинематограф ўз ижод намуналари билан иштирок этди. Ҳайъат аъзолари томонидан уларнинг 16 таси томошабинлар эътиборига ҳавола этиш учун танлаб олинди.
Фильмларни саралашда ғоянинг оригиналлиги ва долзарблиги, юқори бадиий савияси, қизиқарли сюжет, киноасар тилининг ўзига хос услуби, новаторлик ва изланиш, режиссёрлик ва операторлик топилмалари, актёрларнинг маҳорати каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Тақдим этилган асарларни жамлаб, республика кинотеатрларида намойиш этиш режалаштирилаётгани ёш киноижодкорлар учун катта имкониятдир.
Оғир касал бўлиб қолган Ойжамол опанинг фарзанди қалбида меҳр ва изтироб. Волидаи муҳтарамасининг қийналаётганидан ўғил азоб чекаётгани акс эттирилган «Бир кун қайтар» фильми томошабинларда меҳр-шафқат ҳиссини уй¬ғотиши аниқ. Ана шундай умуминсоний мавзулар асосида ишланган энг сара қисқа метражли фильмлар намойиши орасида «Матонат»ни томошабинлар олқиш билан кутиб олди.
Кинофестиваль доирасида «Ўзбек миллий киноси кунлари», «Қисқа метражли фильм — ёш киноижодкорлар учун маҳорат мактаби» мавзусида давра суҳбати, ўзбек кино санъати музе¬йида ўтказилаётган «Очиқ эшиклар куни» барчага манзур бўлмоқда.
Талабалар театр студиялари фестивали юртимиздаги олий таълим муассасалари театр студиялари томонидан тайёрланган ранг-баранг саҳна кўринишлари, маҳорат дарсларини ўз ичига олган бўлиб, талаба-ёшларнинг актёрлик маҳорати, саҳнада ўзини тутиш маданияти баҳолаб борилмоқда.
Ушбу фестивалда Қорақалпоқ давлат университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Қарши давлат университети, ТАТУ Нукус филиали, Навоий давлат кончилик, Наманган муҳандислик-технология, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат инс¬титутлари талабаларининг театр жамоалари миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари асосида саҳналаштирган спектакллари ўз баҳосини кутмоқда. Энг яхши деб топилган саҳна асарини талаба-актёрлар Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида намойиш этиш бахтига муяссар бўладилар.
— Биз осойишта ва фаровон юртда, байрамлар оғушида яшаяпмиз, — дейди Тошкент ирригация ва мелиорация институти талабаси Сарвиноз Холова. — Иқтидорли тенгдошларимизни бир майдонга жамлаган ёшлар ҳафталиги ўзаро фикр алмашиш, истиқлол йилларида юз берган барча янгиликлар билан яқиндан танишиш имконини берди. Зеро, Ватанимиз эртаси биз — ёшларга ишониб топширилган экан, бу ишончни доим оқлашга тайёрмиз!
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи яна бир тадбир — «Тафаккур синовлари» танловининг якуний босқичида Урганч давлат университети, Тошкент давлат аграр университети, Жиззах давлат педагогика институти, Андижон давлат университети, Тошкент ирригация ва мелиорация институти жамоалари қатнашди. Танловда барча жамоалар ўз олий таълим муассасаларида илм эгаллаш учун яратилган шарт-ша¬роит, илм ва ижод эркинлиги учун яратилган имкониятлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мутахассисликлар, шу билан бирга, Ватанимизнинг энг янги тарихи бўйича олган билимларини намойиш этиб, ҳуқуқий-сиёсий билимларини синовдан ўтказишади.
— Ўзбек ёшлари интеллектуал жиҳатдан етук, замон билан ҳамқадам ва ҳамнафас, — дейди «Тафаккур синовлари» танлови иштирокчиси, Тошкент давлат аграр университети талабаси Шаҳло Омонбоева. — Негаки, ёшларнинг интеллектуал, ижодий салоҳиятини камол топтириш учун мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилган. Бундан фойдаланиш ўзимизга боғлиқ. Ҳафталик иштирокчиси сифатида тенгдошларимнинг илмий ва ижодий салоҳияти, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кўриб турибман. «Тафаккур синовлари» танловига тайёргарлик жараёнида мутахассисликка оид билимларни ўзлаштириш билан чекланмасдан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги глобаллашув даврида ахборий таҳдидлардан огоҳ бўлишда юксак маънавият муҳим эканини яна бир бор англаб етдик.
«Ёшлар ҳафталиги» 17 декабрга қадар давом этади.
Санобар ЖУМАНОВА,
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбирлари