Умид ва ишонч тимсоли
Халқ таълими вазирлигида Зулфия номидаги Давлат мукофотининг 2017 йилги соҳибаларини табриклаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Маълумки, ушбу Давлат мукофоти 1999 йили таъсис этилган бўлиб, таълим, адабиёт, санъат, маданият ва спорт каби соҳаларда юксак марраларни забт этаётган истеъдодли қизларга берилади. Мукофот соҳибалари нафақат ўз йўналишида, балки жамоат ишларида, миллий қадриятлар тарғиботи, китобхонлик, одоб-ахлоқ, интеллектуал салоҳиятда ҳам тенгдошларига ўрнак, уларни нурли марралар сари ундовчи куч сифатида ўзларини намоён этиб келмоқда. Сўзга чиққанлар, мукофотнинг шарафидан унинг масъулияти улканлигига урғу бериб, ўзига хос сурурли ва машаққатли бу ишда Зулфияхоним издошларига муваффақият тилади.
— Биз икки карра бахтлимиз. Нуфузли мукофотга лойиқ кўрилганимиз ва айниқса, уни шахсан Президентимизнинг қўлларидан олганимиз қувончимизни яна бир ҳиссага ошириш баробарида, зиммамизга катта масъулият ҳам юклади, — дейди мукофот соҳибаси Нозимабону Шербекова. — Кўкрак нишони тимсолида “келажакда сиздан кўп музаффар одимларни кутамиз” деган умидни, ишончни қадагандек бўлдилар. Энди бутун куч ва ғайратимизни Президентимиз тимсолида барча юртдошларимиз билдирган ишончни оқлашга, шу азиз Ватаннинг ривожланишига ўз ҳиссамни қўшишга сафарбар қиламан.
Давлат мукофотига лойиқ кўрилган 15 иқтидорли қиз номи эълон қилиниб, саҳнага таклиф этилгач, Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов мукофот соҳибаларини қутлаб, қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, Зулфияхоним издошларини табриклади.
Тадбирнинг бадиий қисмида пойтахтимиздаги В.Успенский ва Глиэр номидаги РИМАЛ ўқувчилари иштирокида тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
“Ma’rifat” мухбири