Ёшлар иттифоқи таянчимиз ва суянчимизга айланади
“Бугун сизларнинг қалбингиз, юрагингиздаги ўй-фикрлар, мақсад-муддаолар, керак бўлса, ушалмай турган ниятлар билан яқиндан танишиш, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб бораётган ишларимизни танқидий баҳолаб, тегишли қарорлар қабул қилишни мен ўз фаолиятим учун ғоят муҳим деб ҳисоблайман”.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида ана шу фикрларни баён қилиб, биз ёшларни жуда руҳлантирди. Ёш авлодни маънавий етук ва жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши қалбимизга чексиз ғурур, ифтихор бағишлайди.
Университетда “Камолот” етакчиси бўлганим боис, ташкилот фаолияти билан яхши танишман. Етакчи сифатида менга спорт, ҳарбий ватанпарварлик, экология, иқтидорли талабалар билан ишлаш каби 9 та йўналиш сардорларига раҳбарлик қилиш юклатилган. Бироқ сайланган сардорлар икки-уч ойдан ортиқ ишламаган. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас деганларидек, талабаларни тадбирга жалб этишда қийналардим. Университетимизда таҳсил оладиган 3750 нафардан ортиқ талабанинг 10-15 фоизигина “Камолот” лойиҳаларига қизиққан, холос. Нима учун? Чунки “Камолот” ЁИҲ Президентимиз таъкидлаганидек, асосан ўз атрофида ўзига хайрихоҳ бўлган ёшларни уюштириб, фақат уларни қизиқтирган масалалар юзасидангина иш олиб борди.
Хусусан, “Балли, йигитлар”, “Шунқорлар”, “Юрт келажаги” каби лойиҳалар ўзини оқламади, иштирокчилар ихтиёрий-мажбурий тарзда жалб этилди. Бунинг натижасида ташкилотнинг кўплаб лойиҳалари вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотди. Ёзги таътил даврида ташкил этиладиган “Бунёдкор ёшлар” меҳнат ҳаракати лойиҳаси фақат қурилиш-таъмирлаш йўналишида бўлгани боис, университетимиздан ҳеч ким қатнашмасди. Агар мазкур лойиҳанинг туризм йўналиши ҳам жорий этилганида, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер, Турин политехника, Инха университетлари ҳамда Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабалари ҳам қатнашарди. Юртимизга келаётган туристларга хизмат кўрсатиб, ҳам тажриба оширарди, ҳам моддий ва маънавий томондан манфаатдор бўлар эди. Лондонга борганимда у ердаги олий таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиб, хорижлик талабалар билан фикр алмашдим. Уларда ҳам худди биздагидек “Youth union” деган ёшлар ташкилоти бор. У йиллик режа ва вазифаларини ёшлар фикр-мулоҳазалари асосида тузади. Тадбир ва фестиваллар ўтказишга кўп урғу берилмайди. Улар ёшларни бирлаштириш, дунёқарашини шакллантириш учун асосан турли мастер-класс, тарғибот лойиҳалари ва саёҳатлар ташкил этади. Фаол иштирок этган ёшлар “Youth union” тавсияномаси билан тақдирланади. Бундай эътирофга эга бўлган ўғил-қиз нуфузли олий таълим муассасаларига грант асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлади. Бизда-чи, тавсияномаларнинг қадри шунчалар пасайиб кетди-ки, уни олган ёшларни исталганча топиш мумкин.
Қурултойда Президентимизнинг “Ёшлар туризми” уюшмасини ташкил этиш юзасидан билдирган таклифи хал¬қаро йўналишда таҳсил олаётган ёшлар учун маъқул келмоқда. Президентимизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонида ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш қонун билан кафолатланди. Бундай чора-тадбирларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлангани биз ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга.
“Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида ўз профессионал фаолиятини бошлаган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Президентимиз таъбири билан айтганда, юртимиз ёшларининг ҳақиқий таянчи ва суянчига айланади.
Умиджон ҲОШИМОВ,
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети талабаси