Тўйга тўёна билан
Сўнгги йилларда ўқувчи-талабаларимиз математика, кимё, биология, физика, информатика каби фанлар бўйича ўтказилган нуфузли халқаро олимпиадаларда юқори натижаларни қайд этиб келмоқда.
Яқинда бир гуруҳ ўқувчиларимиз Таиландда бўлиб ўтган кимё фани бўйича 49-Бутунжаҳон олимпиадасида иштирок этиб, яна бир бор зафар қучишди. Дунёнинг 80 давлатидан қарийб 320 нафар билимдонлар қатнашган мазкур мусобақада 4 кишидан иборат жамоамиз вакиллари 3 та бронза медаль соҳибига айланди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод 1-академик лицейи битирувчилари Азизбек Ҳакимов, Асилбек Мухсимов, Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей ўқувчиси Жавоҳир Абдуҳакимов юрт байроғини юқори кўтарди.
— Ўқувчиларимиз ютуқлари энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик тўйига тўёнасидир, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод 1-академик лицейи директори Ортиқбой Эшонқулов. — Беллашув уч босқичда олиб борилди. Иштирокчилар дастлабки икки бос¬қичда назарий билимларини, амалий босқичда турли тажрибаларни амалга оширган ҳолда лабораторияда ишлаш кўникмаларини намоён этди. Аҳамиятли жиҳати, ўтган йилларда дастлабки икки бос¬қичнинг назарий саволлари 8 тадан эди, бу сафар саволлар 11 тадан иборат бўлди. Ўқувчиларимиз ўз натижалари билан ҳар йилгидек кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадасининг энг кучли жамоалари орасидан жой олади. Бунга устоз педагогларимизнинг ўқувчилар билан бирга туну кун ўқиш ва изланиши, жиддий шуғулланишлари орқали эришилди. Ушбу муваффақиятни мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ юртимизда ҳар жиҳатдан баркамол ёш авлодни, пухта билим ва малакага, ўз мустақил фикрига эга кадрларни тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралгани натижаси деб биламан. Ундан ташқари, таълим муассасамизда “Олимпиадачилар мактаби” тўгараги ташкил этилган бўлиб, шу кунга қадар турли олимпиадаларда ютуқларга эришган собиқ ўқувчиларимиз уларнинг ортидан келаётган укаларига назарий ва амалий жиҳатдан фан сирларини ўргатишмоқда.
Айнан кимё фани бўйича ўтказилаётган турли халқаро олимпиадаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган иштирокчилар орасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ўқувчилари талайгина. Ушбу таълим муассасаси олимпиадачи-ғолибларнинг бешигига айланди, десак муболаға бўлмайди. Дарвоқе, кимё фани бўйича Халқаро Менделеев олимпиадасида илк бор олтин медални қўлга киритган Анвар Мақсудхўжаев(2008 йил 42-Халқаро Менделеев олимпиадаси) ҳам, кимё фани бўйича жаҳон олимпиадасида биринчилардан бўлиб олтин медалга сазовор бўлган Бегзод Болтаев(2013 йил, кимё фани бўйича 45-жаҳон олимпиадаси) ҳам мазкур академик лицей ўқувчилари эди. Кимё фани бўйича 49-Бутунжаҳон олимпиадаси ютуқларини қўшиб ҳисоблаганда мазкур таълим муассасаси ўқувчилари қўлга киритган медаллар сони 37 тага етди.
— Ниятим олтин медални қўлга киритиш эди, — дейди Азиз Ҳакимов. — Бироқ амалий даврада йўл қўйган жузъий хатоим туфайли ниятим амалга ошмай қолди. Келгусида фанни янада чуқурроқ ўрганиб, юртимиз кимё фанига ҳисса қўшиш ниятидаман.
Ғолиб ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига биноан юртимиз олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинади.
Шерзод ҚУРБОНОВ