Биз кўнгилга борамиз!
Адабиёт қаердан бошланади? Телефонингиз экранидан бош кўтариб, бир зум шу саволга жавоб изланг-чи! Сизга, тахминан, қанча вақт керак? Уч дақиқа етадими?! Бизга эса уч кун фурсат берилди. “Боринглар, адабиётнинг қаердан бошланишини топиб келинглар”, дейишди. Биз топдик: адабиёт кўнгилдан бошланади...
Ёш ижодкорлар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган I Республика ёш ижодкорлар форумида иштирок этган юз элликдан ошиқ қаламкаш ўз қалбида адабиёт куртакларининг унаётганини ич-ичидан ҳис қилган бўлса, ажабмас. Назм, наср, публицистика, таржима, драматургия йўналишида ижод қилаётганлар Бўстонлиқ тумани бағридаги «Ёшлар оромгоҳи»да жам бўлишди. Мен назм йўналишида қатнашиш учун дилдошу маслакдошлар даврасини соғиниб бордим.
Иштирокчилар орасида неча йиллардан буён яқин бўлиб кетган дўстларим, ака-опаларим, ука-сингилларим билан қайта кўришдик. Баъзиларининг ижоди билан ижтимоий тармоқлар орқали танишганман. Қатнашчилар рўйхатини шакл¬лантиришда мессенжер ва ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланилгани шунда билинди.
“Хўш, нима қилдингиз?” дейсизми? Шеър айтдик, шеър айтдик, шеър айтдик... Бир-биримизни тингладик. Бундай давраларнинг ўзи ижодкорга устозлик қилади. Бунда тенгдошининг сўзини ўз сўзи билан таққослаш имкони бор. Ижодни ўргатиб бўлмайди, жиловлаб бўлмайди, бунга уринганлар ўз сўзининг жонига «қасд» қиладилар. Бизга семинар машғулотларини ўтган шоир ва ёзувчилар адабиёт ҳақидаги фикрларини билдирди. Аммо адабиёт ҳақида ўз фикримиз бўлишини ҳам таъкидладилар.
Очилиш маросими. Қайси катта ижодкор минбарга кўтарилмасин, “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди”, дея хитоб қилади. Улар кўз олдиларида пайдо бўлаётган, мустақил, эски қарашлардан тамоман холи, энг муҳими, дунёни чегаралардан иборат мавжудлик деб эмас, яхлит бутунлик дея идрок қилаётган авлод шаклланаётганини тан олиб бормоқда.
Адиблар билан бўлган суҳбатлар, Ёшлар иттифоқи координаторлари томонидан ўтказилган тренинглар яхшию, кўнгил шеърга талпинаверади. Мана, фарғоналик Муҳаммадсиддиқ содиқ аскар ҳақида ёзганини ўқиди. Севган ёри юртга хоинлик қилганда унга ўқ узган аскар ҳақида. Ахир, Ватан ундан улуғ. Жиззахлик Зуҳра болаларбоп асарлари билан ҳаммага қувонч улашди. Сирдарёлик Зарнигор табассум ҳақидаги машқида айтганидек, кулган одам атрофдагиларни ўзидан қарздор қилиб қўяди. Уни бир табассум билан узиш керак. Гўзал асарлари билан ҳаммамизнинг қалбимизга қадам қўйган Бахтинисо Маҳмудовани такрор-такрор тинг¬лайверамиз... Бунча бахт юракка оғирлик қилади! Ўзаро суҳбатларга бериламиз. Дунё ҳодисаларию, кўнгил кечинмаларигача ҳамма нарса ҳақида сўзлашаверамиз. Кўнгил одами бошқаларга ўхшагиси келмайди, бошқалар юрган йўлни тан олмайди. Ўз йўлини ахтараверади. Бу форум ўз йўлини излаб юрганларни бир жойга тўплади. Қанақадир ҳужжатлару қоғозбозликларсиз, таъмаю манфаатларсиз тўплади.
Ёшлар адабиёти ва катталар адабиёти, деб аташнинг ўзи ножоиз. Битта адабиёт бор. Уни қисмларга бўлмаслик керак. Шоир Беҳзод Фазлиддиннинг шу мазмундаги фикрлари диққатни тортди.
Форум якунида иштирокчиларнинг Ёш ижодкорлар кенгаши ва адабий фаолиятга оид таклиф ва лойиҳалари тақдимоти бўлди. Тенгдошларимнинг ғоялари билан танишар эканман, бу ерга ҳеч ким тасодифан келиб қолмаганига амин бўлдим. Таржима йўналиши қатнашчиларининг ло¬йиҳалари ҳамманинг олқишига сазовор бўлди. Ҳар бир йўналишда маъқул кўрилган таклифлар Ёш ижодкорлар кенгашининг кейинги мавсум режасига киритилиши таъкидланди. Вилоятларда адабиёт марказларини очиш, аудиоматнларни ёзув кўринишига айлантириб берадиган “Wordrec” лойиҳаси каби таклифлар ташкилотчилар томонидан юқори баҳоланди. Ёш журналист Жамшид Бердиевнинг кенгаш томонидан “Истеъдод”, “Илк нур” каби ёшлар мукофотларини ташкил этиш ғояси ҳам йиғилганларга манзур бўлди.
— Бу мукофотларнинг бош¬қалардан фарқи шунда бўладики, улар фақат ёшларнинг асарлари учун берилади. Ва уларга номзод бўлиш учун ҳеч кимдан ҳужжат тайёрлаш сўралмайди. Балки, бундай мукофот олиш муаллиф учун кутилмаган воқеа бўлади. Ёшларнинг янги асарларини излаб топиш, саралаш ва тақдирлаш моҳир мутахассислардан ташкил топган алоҳида ижодий кенгаш зиммасида бўлиб, шунда ҳам улар кимнинг асарини ўқиётганини билмаслиги керак, — дейди тенгдошимиз.
Сафаримиз охирлади. Атрофимдаги дўстларимга қараб, ўйлайман: уч кун олдин ҳамма ўз ташвишлари билан андармон, бир-биримиздан бехабар юргандик. Бугун эса ҳамма минг йиллик қадрдонлардек гўё.
“Ёшлар оромгоҳи”дан узоқлашарканмиз, автобус деразасига суяниб ижодкор ҳаммаслакларимни кузатаман. Хаёлимда эса бир савол айланади: «Адабиёт қаерга боради? Ўт-олов тенгдошларимнинг баралла жавоби эшитилгандек бўлади: Адабиёт кўнгилга боради!
Биз йўлга тушдик...
Суҳроб ЗИЁ