Ёш оилаларга байрам туҳфаси
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Қарши шаҳрида 64 ёш оилага мўлжалланган «Ёшлар уйи» тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
“Ёшлар уйи”ни топшириш маросимида вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
— Қарши шаҳри “Рогузар” МФЙда жойлашган 64 хонадонга мўлжалланган “Ёшлар уйи” ўз эгаларига топширилди, — дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов. — Янги уйга эга бўлган ёш оилалар вакилларининг қувончи чексиз. 2018 йилда Қашқадарё вилоятида ёшлар учун 5 та, яъни, Қарши шаҳрида 3 та, Қарши ҳамда Чироқчи туманларида 1 тадан, жами 256 хонадондан иборат кўп қаватли тураржой бинолари қурилиши режалаштирилган.
Барча қулайликларга эга бу 64 хонадондан иборат тураржойнинг имтиёзли кредит асосида, бошланғич тўловларсиз берилаётгани ёш оилалар учун катта имкониятдир.
Аҳрор СОДИҚОВ