«Фахр ва маънавият моҳиятини мутолаа ўргатди!»
Уч-тўрт кун илгари тарқалган хушхабардан кўпчиликнинг ҳайрати чандон ошдики, ҳали-ҳануз эшитганига ишонмай юрганлар қанча. Китоб ўқиб, машина — “Spark” ютиш мумкин! Аммо бунинг учун кўп ва хўб китоб ўқимоқ, шоиру ёзувчиларнинг таржимаи ҳолини, асарларини муфассал ўрганмоқ даркор.
Ўзидек илмга ташна, китоб деса, қўлидаги ишини шартта четга суриб, мутолаага муккасидан кетадиган тенгдошлари, ака-опалари қаторида дадил туриб, “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси – “Spark” автоуловини Самарқандга олиб кетган Моҳинисо Шомуродовага омманинг ҳаваси келмоқда. Ўн етти ёшга кириб-кирмай, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Ёш китобхон” танловига юздан зиёд китобни ўқиб, пухта тайёрланиб, асарларнинг суратию сийратини обдон ўрганиб келган Моҳинисо сабаб бугун Нарпай туманида дув-дув гап: “Китоб ўқиган машина ютаркан!”. Тумандаги 17-умумий ўрта таълим мактабидаги 33 синфдоши ҳам қизгинанинг ютуғини кўриб, кутубхонаю китоб дўконига шошиб қолди. Китобхонликни тарғиб этишнинг шундай йўллари ҳам бор!
Ўн ёшида Александр Пушкиннинг “Балиқ ва балиқчи ҳақида” эртагидан бошланган мутолаа бугун йирик-йирик, жилди қалин китобларга уланди. Онаси Азиза опанинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси экани, отаси Шавкат аканинг етти фарзандига ғамхўрлигию, китобсеварлиги оилада китобхонлик муҳитини яратиб, шодиёналарга сабаб бўлаётир. Она тили ва адабиёт фанидан ўтказилаётган фан олимпиадасида ҳам тумандаги тенгдошлари ичида биринчиликни эгаллаб, вилоят босқичига тайёрланаётгани, яна, енгил атлетика бўйича вилоят турнирларида қатнашиб, жисмини спорт, ақлини ўқиш билан чиниқтираётганига ҳавас қиласиз. Моҳинисо билан юзма-юз кўришишнинг имкони топилмади. Симсиз телефонлар узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилди. Қизгинадан китоб ўқишнинг фойдаси не эканини сўраганимда, ҳамма гапини бир жумлага жойлаб, ифодалади:
— Китоб ўқиб, фахр ва маънавият нима эканини англадим...
— Яна-чи? — сўрайман суҳбатдошимни ўз ҳолига қўймай.
— Бугунгача ўқиган китобларим орасида икки китобни — Ойбекнинг “Навоий”, Жюл Верннинг “Ўн беш ёшли капитан” романларини алоҳида қадрлайман. “Ўн беш ёшли капитан”да ҳар бир инсон озод ва эркин яшашга ҳақли экани, ҳеч ким бировга қарам бўлмай умр кечиришига урғу берилган бўлса, “Навоий”да буюк бобомизнинг Мовароуннаҳр узра қуёшдек порлаб тургани айтилади. Иккиси ҳам ўқувчини тўлқинлантирмай қўймайди. Мустақил мутолаагина ён-атрофдаги ҳодисаларни теран кузатишни ўргатаркан.
Фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, китобхонлик танловларига тинмай тайёрланса-да, Моҳинисонинг кўнгли ором оладиган асосий машғулоти — шеърият, қоғоз қоралаш. Зулфияхоним, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон ижодий лабораториясини мунтазам ўрганиб, шеър илми, шеърият нелигини қадам-бақадам англаб бораётган ёш шоира келажакда бадиий ижод баробарида кинематографияда ҳам омадини синаб кўргиси, фильмлар суратга олгиси борлигини айтганида, очиғи, унинг шижоати, орзуларининг самимийлигига ишонади одам. Лекин ҳаммасидан ҳам мактабни тамомлагач, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси бўлишга бел боғлагани, инглиз, рус тилларини пухта ўзлаштираётгани ука-сингилларимизнинг зукко, билимдон, ғайрати зўрлигидан нишона.
— Юртимизнинг барча ҳудудларидан “Spark” миниб уйимга қайтаман, деб келган йигит-қизлар қаторида туриб, ота-онамнинг, устозларимнинг ишончини оқлаганим, энг яхши ёш китобхон номига мушарраф бўлганимдан бениҳоя хурсандман, — дейди китобсевар қиз. — Бу танлов йирик ютуқ, моддий туҳфалардан кўра, бизга китобни қандай ўқиш кераклигини, ўзаро ҳамкорлик, дўстлик, ҳамжиҳатлик нелигини ўргатди. Энг муҳими, ўқиганларимиз ўзимизга фойда келтиради, эртанги кунимизга пойдевор қўяди.
Моҳинисонинг ҳар бир гапни ўйлаб, маромига етказиб сўзлаши, бажараётган ишининг фойдасини теран англашидан мамнун бўлдик. Унинг мутолаадан узилмай, муттасил ўқиб-ўрганиши, қизиқишлари сероблиги бошқа тенгдошларига ҳам “юқиши”ни истардик.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА