Эски ва қолоқ мактаб бир йилда қандай қилиб нуфузли даргоҳга айланди?
Олмазор тумани “Чимбой” маҳалласидаги 224-мактаб биноси эскириб, харобага айланиб бораётган эди. 2017 йилги қурилиш-таъмирлаш ишлари таълим муассасаси қиёфасини тубдан ўзгартириш билан бирга, имкониятларини ҳам кенгайтирди.
— Мактаб 1968 йили 960 ўринга мўлжаллаб қурилган, — дейди 48 йиллик иш тажрибасига эга кимё фани ўқитувчиси София Манасипова. — Дастлаб бино кўмир ёрдамида иситиларди. Аммо синфхоналар яхши исимасди. 1985 йили иситиш тизими яхшиланди. Охирги 20 йил мобайнида ҳар йили ўқитувчилар ота-оналар ёрдамида енгил таъмирлаш ишларини бажариб келдик. Илм масканимизнинг нуфузи баланд эди. Ҳар бир фандан малакали ўқитувчилар дарс ўтарди. 1994-1995 ўқув йилида бирданига 8 нафар ўқитувчи ишдан бўшаб кетгани эсимда. Бунга ўқитувчининг маоши камайиб, обрўси тушиб кетгани, мактаб аввалги нуфузини йўқотиб бораётгани ҳам сабаб бўлди. Кадрлар танқислиги муаммоси ўсди.
— 1993—2002 йиллари шу мактабда таҳсил олганмиз, — дейди Феруза Рашидова. — Мактабнинг ўша йиллардаги ички ва ташқи ҳолати, шарт-шароити ҳамон кўз олдимда. Иситиш тизими издан чиққани сабабли қиш кунлари қалин кийимимизни ечмай дарс ўтганмиз.
Фақат имтиҳонларда ва илиқ об-ҳаво вақтидагина спорт залида машғулотлар ўтиларди. Мактабнинг таъмирталаб ҳолати унинг нуфузига ҳам таъсир кўрсатди. Кўплаб ота-оналар фарзандини бош¬қа мактабга ўтказди, биринчи синфлар сони камайди. Беш-олти фидойи ўқитувчимиздан бўлак тажрибали, билимли ўқитувчи қолмади. Бу таълим сифатига жиддий таъсир кўрсатди. Худога шукур мактабимиз яна олдинги мавқеини тиклаб олди. Ҳозирги шарт-шароитларни кўриб, қайтадан болаликка қайтгиси келади одамнинг!
2017 йили ёш ва ғайратли педагог Замира Азимбоева мактаб директори этиб тайинланди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, таълим тизимида фаолият юритаётган бундай ҳаракатчан, маҳоратли мутахассислар ташаббускорлиги, бажарган ишлари билан ҳамиша қадр топиб келган. Мактабнинг юқори натижаларга эришишида З.Азимбоеванинг хизмати эътироф этилиб, Олмазор тумани халқ таълими бўлими мудири этиб тайинланди. Энди тумандаги бошқа мактабларда ҳам шундай ўзгаришлар содир бўлса, ажаб эмас.
— 2016-2017 ўқув йилига қадар мактабнинг нуфузи тушиб кетгани сабаб ўқувчи сони ҳам кескин камайиб кетганди, — дейди туман халқ таълими бўлими мудири Замира Азимбоева. — 960 ўринга мўлжалланган мактабда 380 ўқувчи таҳсил олаётган эди. Олдимга мактабнинг аввалги нуфузини қайта тиклаш, ўқувчи сонини ошириш мақсадини қўйдим. Мактаб 2005 йили Давлат дастури асосида қайта таъмирланган, энди уни яна дастурга киритишнинг иложи йўқ эди. Инсон ҳаракат қилса, интилса, ҳамма нарсанинг уддасидан чиқади. Дастлаб “Чимбой” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан ҳамкорликни йўлга қўйдим. Маҳалла фаоллари ўз ҳудудидаги мактабнинг охирги йиллардаги аҳволидан ташвишга тушганди. Албатта, фарзандлари эртасини ўйлаган, туғилиб-ўсган гўшасининг равнақи устида бош қотирган ҳар қандай инсон мактабдаги ҳолатга бефарқ бўлмайди. Маҳалла фаоллари ёрдамида собиқ ўқувчилар билан алоқа ўрнатдик. Шу даргоҳда таҳсил олган ишбилармон, тадбиркор инсонлар билан келишиб, ишни бошладик. Улар ҳомийликни зиммасига олди.
Мактабнинг том ва деворлари қайта таъмирланиб, йўлаклар кенгайтирилди. Синфхоналарнинг эшик ва ромлари алмаштирилди. Замонавий фаоллар зали, технология хонаси, кутубхона, қўшимча спорт зали, футбол ва волейбол, баскетбол майдони қурилди. Барча синфхоналар, ўқув-лаборатория, информатика хонаси зарур мебеллар, техника жиҳозлари (телевизор, DVD, компьютер, лаборатория ускуналари), тоза ичимлик суви билан таъминланди. Тиббиёт хонаси, ошхона, спорт залида барча шароит яратилди. Ҳомийлар томонидан мактабнинг моддий-техник базаси ҳам бойитилди. Хусусан, қизлар учун технология хонасига сўнгги русумдаги 20 та тикув машинаси олиб келинди. Бир неча йиллар давомида айрим ўзбошимча қўшнилар мактаб ҳудудини ишғол этишгача боришганди. Қурилиш жараёнида буларнинг барчасига барҳам берилди. Ҳовлида ям-яшил майсалар ўстирилиб, сунъий суғориш тизими ўрнатилди.
Мактабдаги ўзгаришлар ота-оналарни қувонтирди. Сабаби, маҳаллада яшайдиган кўплаб ўқувчилар узоқдаги мактабларга қатнаб таҳсил олаётганди. Буни қарангки, ўнлаб эмас, юзлаб ота-оналар фарзандини ўз маҳалласидаги мактабга беришга тайёр экан. 2017-2018 ўқув йилида ўқувчилар сони 380 нафардан 1085 нафарга етди.
Мактаб биноси ҳавас қилгулик даражага келтирилди, аммо ундаги ўқитиш тизими қандай бўлади? Маҳоратли, билимли ўқитувчилар жалб қилинадими? Дарслар юқори савияда ташкил этиладими?
— Ота-оналарни шу каби саволлар қийнаши табиий эди, — дейди директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акбар Ёрбозоров. — Сабаби, сўнгги йилларда мактабда кадрлар масаласи ёмон аҳволда эди. Математика, тарих, чет тили, рус тили фанларидан малакали ўқитувчилар етишмасди. 2017-2018 ўқув йили олдидан ўқитувчиларни ишга қабул қилишда танлов ва суҳбатлар ташкил қилинди. 80 фоиз янги ўқитувчилар ишга олинди. Уларнинг малакаси, билими, маҳорати синовдан ўтказилди. Юқори малакали педагог меҳнатига яраша рағбатлантириб турилмас экан, уни мактабда ушлаб қолиб бўлмайди. Мактабимизда ижодкор, изланувчан ўқитувчилар бир йилда икки маротаба ҳомийлар маблағи ҳисобидан моддий ва маънавий рағбатлантириб келиняпти. Бундан таш¬қари, ўқитувчиларга бепул тушлик ташкиллаштирилган.
Таълим муассасасига дарслар ва ижодий муҳит қайнаб турган вақтда кириб бордик. Синфхоналардан баҳс-мунозара, пианино, шеърхонлик, математик амаллар устидаги тортишувлар овози эшитилиб турибди. Физикавий мавзуга оид баҳслар кетаётган хонага беихтиёр разм солдик. Нажмиддин Рустамов физика, астрономия фанидан таълим беради. У кишининг дарслари ўқувчилар учун кашфиётлар оламидек гўё. Мактабнинг моддий-техник базаси танг аҳволда қолган йилларда ҳам устознинг синф¬хонаси кишида физика музейидек таассурот қолдирган. Ҳар бир мавзуга оид кўргазмали қуроллар, тажриба ўтказиш учун зарур мосламалар, физика фанига оид қисқа метражли фильмлар пластинкаси ва уни ўқувчиларга қўйиб кўрсатиш учун монитор бундан 20 йил илгари ҳам мавжуд эди. Устоз ҳар бир факт ўқувчилар хотирасида мустаҳкам қолиши, билимларни ҳаётда қўллай олиш кўникмаси шаклланиши учун мавзуни амалий тажриба орқали тушунтиради.
Ўтган ўқув йилида кўплаб ташаббуслар, янги ғоялар орқали ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, интизомга чақириш, китобхонликка ўргатишга муваффақ бўлинди. Жумладан, кундалик баҳолаш тизими жорий қилинди.
— Бу тизимни жорий этиш олдидан умумий ота-оналар мажлисини ташкил қилдик, — дейди мактаб раҳбари Наргиза Азимова. — Тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун уларга тўлиқ тушунча беришимиз керак эди. Баҳолаш мезони асосида ҳар бир синф учун қўшимча журнал юритдик. Ўқувчи ҳар куни дарсга ўз вақтида кириши, формаси ва орасталиги, ўқув қуроллари ва дарсликларининг тўлиқлиги, ташаббускорлиги, намунали хулқи, ҳар бир олган “беш” баҳоси учун 1 балдан қўлга киритади. Агар камчилик кузатилса, ўша куни ўқувчи балл ололмайди. Йил якунида баллар ҳисоблаб чиқилади. Ўтган ўқув йили якунида 600 дан юқори балл тўплаган ўқувчилар рағбатлантирилди, 700–800 балл тўплаган ўқувчиларга сузиш ҳавзасига йўлланма, 800 дан юқори натижа учун махсус стипендия ҳамда “Сокол” болалар соғломлаштириш оромгоҳига йўлланма берилди.
7-синф ўқувчиси Абдураҳмон Аброровга барча мактабдошлари ҳавас қилишди. Чунки у 1000 балл тўплаб, оромгоҳда ҳордиқ чиқариб қайтди.
— 1000 балл тўплаш осон бўлмади, лекин унинг ортида рағбат, мақтов, натижа борлиги мени янада фаоллаштирди, — дейди Абдураҳмон. — Бунинг учун берилган вазифаларни тўлиқ бажариб келдим. Дарсда, дарсдан ташқари тадбирларда фаол қатнашдим. Синф раҳбаримиз Ўткир Ўролов синфда “аълочилар столи”ни ташкил қилган. “Аълочилар столи” ҳамма парталардан олдинда туради ва чиройли безатиб қўйилади. Унда ўтириш ҳар бир ўқувчи учун шараф. Мен бу столни бир ўқув йили давомида уч марта эгалладим. Бу йил ҳам 7-синфни яхши натижалар билан битиришни мақсад қилганман.
Жараён билан танишиш чоғида синф журналидан ташқари ҳар бир синф учун кундалик баҳолаш рейтинги журналининг ҳам юритиб борилиши ўқитувчилар учун ортиқча қоғозбозликни келтириб чиқармаяптими, деган мулоҳаза пайдо бўлди бизда.
— Йўқ, — дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Хадича Дадажонова. — Бу тизим натижасида ўқувчилар фаоллашгани кузатилди. Тартиб-интизом яхшиланди. Шунинг учун мактабимизда жорий этилган кундалик баҳолаш тизимидан ҳеч бир ўқитувчи норози бўлмаяпти.
Аксарият ёш ўқитувчилар ҳам қисқа вақт оралиғида ўқувчилар қалбидан чуқур жой эгаллашга муваффақ бўлишди. Дарслардан сўнг ўқувчиларнинг иқтидорига қараб фанлараро йўналтириб боришга ҳам педагоглар катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, математика фани ўқитувчиси Ўткир Ўролов, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шодлик Раҳмонов, инглиз тили фани ўқитувчиси Юлдуз Мирҳожиеванинг бу борадаги самарали ишлари таҳсинга лойиқ. Мактаб ўқитувчилари ўтган ўқув йилида республика танловларида ҳам фаол қатнашди. Тарих фани ўқитувчиси Жўрабек Полвонов “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси—2018” кўрик-танловининг республика босқичида ғолиб бўлди. Унинг тарих ва мусиқа дарслари интеграцияси услубидаги дарс ишланмаси туманда оммалаштирилиб, методист ўқитувчи этиб тайинланди.
— Директор ва ўқитувчи ўртасидаги масофанинг яқинлиги таълим сифатига ижобий таъсир этувчи муҳим омил, — дейди Олмазор туман халқ таълими бўлими мудири Замира Азимбоева. — Ўқитувчи директорга ташаббуслари, фикри, муаммоларини эркин гапира олса, фаолиятида юксалиш бўлади. Мактабда шундай муҳит яратилган. Ота-оналар билан мактаб раҳбарияти ўртасида ўрнатилган дўстона алоқа ҳам ишни енгиллаштирди. Ота-оналар мактабга, ўқитувчиларга, уларнинг ҳар бир ташаббуси, янгиликларига ишонч билдириб, қўллаб-қувватлашди. Ҳаммамизнинг мақсадимиз мактаб нуфузини юксалтириш бўлди. Мактаблар рейтинги туман, шаҳар, республика бўйича 37 параметр асосида баҳоланади. 2016-2017 ўқув йилида 224-мактаб туман миқёсида энг охирги — 29-ўринда бўлган. Бир йил ичида барча кўрсаткичлар бўйича туманда 1-ўринга чиқди. Бу кичик натижа эмас. Ана шу мақсадга эришиш учун мактаб маъмурияти, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, ҳомийлар, ота-оналар, ўқувчилар бир ёқадан бош чиқарди. Ҳали олдимизда бундан ҳам катта мақсадлар бор.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири