Аттестация босқичлари
Малака тоифаларини бериш жараёни, ҳудудий таълим бошқаруви органлари томонидан тузилган «Аттестация комиссиялари» бошчилигида Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги 107-қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ икки бос¬қичда амалга оширилади.
Дастлабки босқичда ўқитувчиларнинг ўқув фани бўйича малака синови натижалари, дарс ўтиш маҳорати ва меҳнати самарадорлиги ўрганилади ҳамда тегишли тавсиялар тайёрланади;
иккинчи босқичда аттестация комиссиялари томонидан педагог кадрларнинг хорижий тиллар, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларини билиши ҳамда ижтимоий-сиёсий саводхонлигини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказилади.
Биринчи босқичдаги олий ва биринчи малака тоифасига талабгор номзодлар ўртасида ўқув фани бўйича малака синовини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўтказади. Тест синовлари шаклида ўтказилаётган малака синовларидан ташқари, дарс ўтиш маҳорати, меҳнат самарадорлиги ва суҳбат, қолаверса, иккинчи тоифага талабгорлар учун барча имтиҳон босқичлари ҳудудий комиссиялар томонидан ўтказилади.
Педагогнинг дарс ўтиш маҳоратини ўрганишда — дарс таҳлиллари, очиқ дарслар, таълим олувчиларнинг рейтинг кўрсаткичлари, таълим бериш воситалари ҳамда тавсия этилган илғор педагогик услуб ва технологияларни қай даражада қўллашига эътибор қаратилса, меҳнати самарадорлигини аниқлашда — таълим олувчилар ва аттестациядан ўтувчиларнинг туман (шаҳар), вилоят, республика миқёсидаги ҳамда халқаро кўрик-танловлар, фан олимпиадаси ва турли мусобақаларда эришган ютуқлари ўрганилади.
Инспекция олий ва биринчи малака тоифасига талабгор номзодлар ўртасида ўтказилган малака синови жавобларини ҳудудий комиссияга юборади. Комиссия педагогнинг дарс ўтиш маҳорати ва меҳнати самарадорлигини ўрганиб, унга навбатдаги тоифани бериш, тушириш ёки ўз ўрнида қолдириш юзасидан якуний хулоса тайёрлаб, инспекцияга тақдим этади. Инспекция ҳудудий комиссия хулосасига биноан, муайян сертификатни расмийлаштириш учун ҳужжатларни аттестация комиссиясига тақдим этади ва муайян муддат ичида аттестация комиссияси педагогга сертификат топширади.
— Жорий йилда мазкур синовлар инспекция томонидан илк бор ўтказилгани боис Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда улар тавсия этган энг малакали мутахассисларни тест тузишга жалб этдик, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев. — Тестни тайёрлашда давлат таълим стандартлари доирасидан чиқилмади ва ҳар бир тест саволи малакали мутахассислар томонидан алоҳида кўриб чиқилиб, экспертизадан ўтказилди. Барча саволларнинг манбаси ва муаллифлари аниқ. Улар ўзига хос мураккаблик ва мантиқий фикрлашга ундовчи хусусиятга эга, шунингдек, ўқувчиларга берилиши лозим бўлган билимлар доирасида тайёрланди. Синов жараёни эса Давлат тест маркази ўтказган олдинги тартибга нисбатан янгича ёндашувлар асосида ташкил этилди. Масалан, педагоглар онлайн тестни ишлаб бўлган заҳотиёқ ўз натижаси билан танишди. Хонага кузатув камералари ўрнатилди