Катталар китоб ўқияптими?
Дунёга машҳур Гарвард университети кутубхонаси пештоқига бутун инсониятга эслатма сифатида “Тушлик вақтини ўтказиб юборганингга ачинма, лекин китоб ўқиш учун ўтказиб юборилган вақт бу катта йўқотишдир” деган ибратли жумла битиб қўйилган. Дарҳақиқат, китоб ўқишни кейинги кунга қолдираверсак, инсоният ўзи билмаган ҳолда маънавий қашшоқликка юз тутаверади. “Инсон китоб ўқимай қўйганда фикрлашдан тўхтайди” деб бекорга айтишмаган. Фикрламай қўйган инсондан нимани кутиш мумкин? Бундай шахсдан жамиятга наф йўқ.
Олимларнинг фикрича, ҳар бир одам миясида тахминан 14 миллиарддан ошиқ нейрон мавжуд бўлиб, улар инсоннинг фикр¬лаши, дунёқараши ва ақлий салоҳиятининг ошиб боришида муҳим аҳамият касб этади. Лекин энг қизиқ томони, нейронларнинг фойдали иш коэффициенти ҳаммада ҳар хил бўлар экан. Биз ақлий меҳнат билан машғул бўлганимизда, айниқса, китоб ўқиётганимизда уларнинг фойдалилик коэффициенти ошиб боради. Чунки мутолаа нейронлардаги ҳужайраларни ишлашга мажбур қилади. Ана шу нейронларнинг қанча кўп қисми ҳаракатга тушса, инсоннинг фикрлаши, дунёқараши ҳам шунча кенгайиб борар экан.
Айни пайтда юртимизда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида кенг кўламда тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Лекин бу ишларнинг таъсир доираси қай даражада? Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад йўлида ҳаракат қилишимиз лозим. Бу педагог ёки кутубхоначининг вазифаси деб ўтираверсак, ўзимиз истамаган ҳолда, муаммонинг бундан-да чуқурроқ илдиз отиши учун хизмат қиламиз. Педагоглар, ота-оналар, кутубхона соҳаси вакиллари “катталар ва ёшлар”ни китобхонликка қизиқтириш учун аниқ таклифлар билан чиқиши керак. Аввало, умумий гаплар ва эскирган тарғиботдан воз кечиш лозим. Оммавий ахборот воситаларини кузатсангиз, тарғибот ишлари бир-бирини такрорлашдан тўхтамаяпти. Мавзу бир хил: ёшларимиз китоб ўқимаяпти. Шу кўрсатув ва эшиттиришларда ёшларни зўр бериб танқид қилаётганларнинг хонадонига борсангиз, айримларининг уйи¬да на бир китоб жавони бор, на ўзи бир ойда бир марта китоб мутолаа қилади. Оқибатда атрофдагилар бундай тарғиботдан безади.
Ҳозир бутун инсоният глобаллашув ва ахборот маконида яшамоқда. Шахснинг ахборот олиш манбаи беҳисоб. Ахборот манбаларининг таъсиридан инсонни китобхонликка қайтариш осон иш эмас. Ота-боболаримиз илм-фанда улкан кашфиётлар қилган, назм ва насрда ўзидан кейинги авлодларга улкан маънавий мерос қолдирган. Ана шу буюк инсонларнинг гени ҳар биримизда яшаб келмоқда. Энди савол туғилади, ўз даврида бутун дунёда уйғониш даврини бошлаб берган аждодларимиз амалга оширган ишларни бугунги авлод вакиллари нега такрорлай олмаяпти?
Бунинг учун биз, тиббиёт тили билан айтганда, яшириниб ётган генларни ҳаракатга ундашимиз, юзага чиқишга мажбур қилишимиз керак. Китоб мутолаа қилиш орқали бунга эришиш мумкин. Солиштириш учун бир мисол, юртимиздаги ёш авлод вакиллари спорт соҳасида Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, юрт байроғини жаҳон узра ҳилпиратиб келмоқда. Чунки уларда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мактаб бор. Китобхонликда ҳам шундай мактаб яратишимиз керак.
“Ёшлар китоб ўқимаяпти” деган мавзу такрор ва такрор муҳокама қилинадию, лекин “Катталарнинг ўзи китоб ўқияптими?” деган савол кам муҳокама қилинади. Биз катталарнинг кунимиз ҳисобот тайёрлаш, факс ва электрон хатларни ўқиш билан ўтиб бормоқда. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, китоб мутолаа қиладиганларни ўн йиллар олдин 50 фоиз деб оладиган бўлсак, ҳозирги пайтга келиб 30 фоизга тушиб қолган, балки ундан ҳам камдир. Кичик ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 43 фоизи, юқори синф ўқувчиларининг 17 фоизи китоб мутолаа қилишни ёқтирар экан. Нима учун боланинг ёши улғайгани сайин мутолаага қизиқиши сўниб бормоқда?
Жавоб оддий. Беғубор қалбли болакай мактаб остонасига илк қадам қўйган кундан бошлаб устоз унинг қалбида китобга меҳр уйғотади. Бола китобни севиб қолади. Ана шу меҳр оилада китобхонлик муҳитининг йўқлиги, эътиборнинг сустлиги сабаб йилдан-йилга сусайиб боради.
Тан олишимиз керак, ҳозирги авлод вакилларида китобга эътибор маънавий қадрият сифатида белгиланмай қўйди. Биз мутолаадан анча узоқлашиб кетдик. Ёши улуғ отахон ва онахонлармиз ҳали-ҳамон китобга ўзгача меҳр билан қарайдилар. Чунки улар мутолаа завқини, сабоғини бошқа ҳеч қаердан олиб бўлмаслигини яхши биладилар.
Ёшларнинг китоб ўқимаётганини гапиргандан кўра, ўрта авлод ва кекса авлод ўртасида боғлиқликни шакл¬лантириш, оилада китобхонлик муҳитини яратиш керак. Уйимизда китоб жавони учун жой топишни кечиктирмайлик. Унутманг, бугун сиз фарзандингиз учун битта яхши китоб олиб келсангиз, эртага у, ундан кейин набирангиз сизга қўшилади. Шу тариқа оилада китобхонлик муҳити шаклланади.
Улуғбек ЁДГОРОВ, Республика болалар кутубхонаси ходими