Мактаблар рейтингини аниқлашдан мақсад нима?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланиши мумкин.
Мазкур низом асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида, туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги аниқланади.
Низомга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида ҳар йили аниқланади.
Рейтингни аниқлашдан асосий мақсад - ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича тайёргарлик даражасини ва мантиқий фикрлаш қобилиятини баҳолаш, педагоглар фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, ўқитиш сифати бўйича халқаро мезон, стандартларга мос юқори кўрсаткичларга эришиш орқали билимли ва иқтидорли ёшларни тайёрлашга замин яратишдан иборат.
Рейтингни аниқлаш қуйидаги вазифаларни ҳал этишга қаратилган:
ўқувчилар билим даражаси, педагоглар салоҳияти ва таълим бериш маҳорати, таълим муассасасининг ўқув-тарбия жараёни ва имкониятлари ҳақида кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;
ўқувчилар билимини баҳолашда холислик ва мактаблар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
ўқувчи-ёшларнинг ўқиш, математика ва табиий йўналишдаги фанлардан саводхонлик даражасини ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини ривожлантириш;
республика бўйича ўқувчилар билимини баҳолашни OECD, EIA нуфузли халқаро ташкилотларнинг PISA, TIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашиш;
миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган умумтаълим муассасалари учун улар фаолиятини назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишлар даврийлигини рейтингдаги ўрнига қараб белгилаш.
Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар, ўтказилган сўровномалар ва назорат ишлари натижалари асосида Давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги аниқланади.
Умумий ўрта таълим муассасалари рейтинги тузилмаси:
битирувчи ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи;
9-синф ўқувчиларининг билим даражаси;
олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши;
умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагогик жамоаси ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари каби рейтинг индикаторларини характерловчи маълумотларни ўз ичига олади.
Рейтинг индикаторлари учун балларни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади:
тегишли рейтинг индикатори бўйича энг катта кўрсаткичга эга умумтаълим муассасаси аниқланади;
энг катта кўрсаткичга эга бўлган умумтаълим муассасасига шу индикаторга белгиланган энг юқори балл берилади;
бошқа барча умумтаълим муассасаларнинг баллари шу индикатор бўйича энг юқори баллга эга бўлган умумтаълим муассасасининг кўрсаткичига нисбатан ҳисобланади;
ҳар бир индикатор бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси умумтаълим муассасасининг рейтингини белгилайди.