Ўқитувчи мақоми қонунан кучайтирилади
Халқ таълими вазирлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига "Ўқитувчи мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳасини жойлаштирди .
Ушбу ҳужжат ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ давлат сиёсати принциплари, уларнинг ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий муносабатларини белгилаб беради. Қонун лойиҳаси таълим муассасалари ўқитувчиларининг ҳуқуқий ҳолатини яхшилаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлашга йўналтирилган.
Ўзбекистон ёки бошқа исталган давлат фуқароси ўқитувчи мақомига эга бўлиши мумкин. Фақат улар педагогик таълим ёки педагоглик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи давлат намунасидаги дипломга эга бўлиши керак.
Ўқитувчи мақомидан маҳрум қилиш ҳолати малака етишмаганда, ўқув-тарбия фаолиятига тўғри келмайдиган ахлоқсиз ҳаракатларни бажарганда қонунчилик асосида амалга оширилади. Қонун лойиҳасида ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб беради.
Ҳужжатда таълим муассасалари ўқитувчилари туман ва шаҳар ҳудудида ҳашар ёки ободонлаштириш, металлолом ва макулатура йиғиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ва бошқа ишларга мажбур қилинмаслиги қайд этилган.
Шунингдек, ушбу қонунга кўра, мактабда ўқитувчиларнинг қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишга ҳаққи йўқ:
— диний ва атеистик тарғибот қилиш;
— сиёсий гуруҳ ва партиялар тузиш;
— шовинизм, миллатчилик ва милитаризм ғояларини сингдириш;
— ўқувчиларни тартибсизлик ҳаракатлари ва сиёсий акцияларга жалб этиш;
— ўқувчиларни таҳқирлаш.
Ўқувчиларнинг ота-оналари ўқитувчининг профессионал мажбурияти доирасидаги масалаларга асоссиз равишда аралашиш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳам қонун лойиҳасининг асосий қисми ҳисобланади.
Бундан ташқари, ҳужжатда ўқитувчиларнинг моддий ва ижтимоий таъминоти, уларни мукофотлаш масалалари ҳам алоҳида ўрин олган.