Монтессори педагогикасининг 10 қоидаси
Мактабгача таълим муассасаси ҳамда мактаблардаги ўқув-тарбия жараёни болаларнинг қобилияти ва лаёқатини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг шахсини шакллантиришга қаратилган. Мазкур жараённинг маҳсулдорлиги педагогнинг болаларни яқиндан билиши, таълим ва тарбиянинг хилма-хил методларини қўллашига боғлиқ.
Бугунги кунда жаҳон мактабгача таълим тизимида италиялик машҳур педагог Мария Монтессорининг муаллифлик методикаси жуда кенг тарқалган. Бу педагогик тизимнинг ноанъанавий 10 та қоидаси бўлиб, унга амал қилиш орқали мактабгача таълим тизимида улкан муваффақиятларга эришилган. Жумладан, мамлакатимиздаги айрим МТМларда ҳам педагоглар ушбу методикадан фойдаланади. Келинг, мазкур методика моҳиятини янада кўпроқ тарбиячи-педагогларимизга етказиш мақсадида, унинг ҳар бир қоидасини бирма-бир кўриб чиқсак.
1. Бола — асосий эътиборда
Мария Монтессори болага унинг хоҳиш-истакларига қараб муносабатда бўлиш энг тўғри ва ягона йўл, деган қатъий фикрни илгари сурган. Бола учун нима муҳимлиги унинг ўзигагина маълум. У сувни идишларга қуйиб, хоссалари ва жозибасини ўрганишга бир соат вақт кетказиши мумкин, бу пайтда болани расм чизиш ёки бошқа машғулотга чалғитиш монтессори педагогикасига зид.
2. Педагог боланинг диққатини бўлмасдан йўналтиради
Албатта, бола таълим жараёнининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Катталар мунтазам равишда кичкинтой билан ҳамнафас, лекин улар боланинг табиий қизиқишларини сўндирмаслик, билим олишга бўлган эҳтиёжларини барбод қилмаслик учун эҳтиёткорона ёндашиши керак. Монтессори кундаликларида тарбиячиларни тайёрлаш масаласига жиддий эътибор бериш зарурлигини таъкидлаган. Шогирдларининг методика бўйича олган янги назарий билимларини ҳаётда қўллай олмаслигининг гувоҳи бўлгач, у педагогларнинг болалар билан ишлашда анъанавий усулларни янгиси билан уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
3. Болалар атрофидаги муҳит уларнинг қизиқишларига қараб ўзгартирилади
Муҳит — монтессори педагогикасининг пойдеворидир. Болалар хонасидаги жиҳозлар уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади ва қизиқишларига мос равишда ўзгартириб турилади. Тарбиячиларнинг қўллари “гуруҳ пульси”да бўлиб, болаларни кузатиб боради ва жиҳоз, кўргазмаларни машғулотлар мазмуни, долзарблигига қараб янгилайди. Монтессори таълимоти бўйича мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар учун сенсор амалий нутқ ўстириш ва ривожлантириш муҳити, математик тасаввурларни шакл¬лантиришга ша¬роит яратиш лозим.
4. Баъзи машғулотларда ёшлари ҳар хил болалар ҳам бирга шуғулланиши мумкин
Болалар жуда кўп нарсаларни тенгдошларига қараб ўрганади. Ҳар хил ёшдаги болалар жамоаси бундай тажриба алмашиш учун қулай муҳит. Бола вақт ўтиб қандай ривожланиш даражасида бўлиши кераклигини катталардан ўрганса, ўзидан кичиклар билан ҳаётий тажрибасини бўлишишдан завқланади. “Замонавий оила”ларда (кун давомида ишда бўладиган ота-оналарнинг болалари билан мулоқотга вақти қолмайди) болаларга таққослаш, ривожланиш, ўзини намоён қилиш учун шароит етарли эмас. Шу сабабли айнан шундай машғулотлар болада ўзига ишонч ҳосил қилиш, мустақил фикрлашни ривожлантириш учун қулайдир.
5. Болалар машғулотларда эркин бўлиши керак
Гуруҳдаги болалар машғулот учун махсус хонага киргач (монтессори методикасида майда ва йирик моторикани ривожлантирувчи, табиат билан таништирувчи, нутқ ўстириш машғулотлари ва ҳоказолар учун алоҳида хоналар жиҳозланади), унинг хоҳиш-истаклари ҳисобга олинади. Янги билимлар тарбиячи томонидан баён қилингач, бола ўзи танлаган ўйинчоқ ёки жиҳоз билан ўйнаши, баъзан бу жараёнда улар битта ўйинчоқни талашиб қолиши мумкин. Бу ҳолат монтессори методикасининг кейинги қоидасини келтириб чиқаради.
6. Бола якка ўйнаш ёки тенгдошлари билан шуғулланишни ўзи танлайди
Болалар ўзининг мустақил фикрини эркин баён қилиш, бошқалар фикрини ҳурмат қилиш, бир-бирлари билан ҳамкорликда ишлаш, ўзаро тил топишишни эркин муҳитдан ўрганади. Буни тарбиячи назорати таъминлайди. Гуруҳга янги келган бола йил охирида бировлар¬нинг хоҳиш-истакларини ҳурмат қилиб, келишиб шуғулланишни ўрганади (бу кўникмалар улар катта бўлгач, мустақил ҳаётда асқотади).
7. Болалар қанча хоҳласа, шунча вақт шуғулланади
Монтессори гуруҳида болаларга босим ўтказилмайди, унинг қўлидагини “бу ёққа бер!” деб тортиб олишга йўл қўйилмайди. Масалан, табиат билан таништириш машғулотларида бола баргларни ўрганиб ўтирган бўлса, икки дақиқадан сўнг сабзавотлар билан шуғулланишни хоҳласа, “Қарагин, қандай чиройли рангли барглар бор” дейилмайди, бу мазкур методикага зиддир.
8. Гуруҳда, ҳатто катталар ҳам амал қиладиган қоидалар мавжуд
Масалан, гуруҳдаги ҳар бир жиҳоз, кўргазма ва ўйинчоқларнинг ўз жойи бор. Болалар (катталар ҳам) машғулотдан сўнг ҳамма нарсани ўз жойига қўйиш кераклигини яхши билади. Вақт ўтиб бу кўникма малакага айланиб, эслатмасиз бажарилади. Яна Монтессори гуруҳида болалар тарбиячи кўмагида бир-бирига халақит бермасдан, хотиржам ишлашни ўрганади, ҳатто педагоглар ҳам баланд овозда гапириши мумкин эмас.
9. Боланинг ўз ишини ўзи баҳолашига имкон берилади
Монтессори методикасида шундай жиҳозлар борки, бола мустақил равишда шуғулланиб, янги билим ҳосил қилади. Масалан, ҳар хил шакл¬даги цилиндрларни ўз ҳажмига мос жойларга жойлаштириш. Кузатишлардан маълум бўлдики, тарбиячи кўрсатмаси билан топшириқни бажарган болалар эртасига ушбу вазифани қайтадан кўрсатиб беришда хатоликка йўл қўйди, мустақил бажарган болалар цилиндрларни деярли бехато бажарди. Мустақил ўзлаштириш жараёнида кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин, лекин улар олган билимларини хотираларида мустаҳкам сақлаб қолади.
10. Бола мурожаатисиз ёрдам бериш таклиф қилинмайди
Боланинг мустақиллиги қўллаб-қувватланади, ҳеч ким уни шошириб, керак бўлмаса ҳам ёрдам беравермайди. Лекин ҳар бир бола доим савол туғилганда тарбиячининг ёрдам беришини ҳис қилади.
Мария Монтессорининг ўз даврида бутун инсониятга қилган қуйидаги мурожаати мавжуд: “Бизда шундай муаммо бор — катталар ривожланишнинг диққат-марказида туради. Агар ҳокимият эътиборини болаларга, улар қалбига қаратса, биз тинчлик ҳукм сурган дунёни қурамиз. Билим — тинчлик қуролидир”.
Бугунги кунда Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтариши ана шундай осойишталик ҳукм сурган дунёни қуришимизга замин бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Гуласал БЕРДИАЛИЕВА, Гулистон давлат университети ҳузуридаги ХТХҚТМОҲМ “Мактабгача, бошланғич ва махсус таълим методикалари” кафедраси мудири