Таълим муассасаларида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамини нишонлаш юзасидан тавсия
Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига кўра, Республика таълим маркази томонидан таълим муассасаларида 1 октябрь ― Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамини юқори савияда нишонлаш бўйича тавсия ва тадбир ценарийси ишлаб чиқилди.
Тавсияда тадбирни ўқувчиларнинг ёши, дарсдан бўш вақтини инобатга олиб, 2017―2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар касбини улуғловчи концептуал ғоялар орқали улар онгига таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини сингдириш, хорижий тиллар ва замонавий АКТ воситаларини пухта ўрганиши учун яратилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиш, таълим тизимидаги ислоҳотлар тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини тарғиб қилиш байрам тадбирларни жамоатчилик иштирокида оммавий равишда ташкил этиш тавсия қилинган.
Тадбирда фойдаланиш мумкин бўлган ҳикматли сўзлар ва шиорлар
Ҳақ йўлинда ким сенга бир харф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила.
Алишер Навоий
Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлур,
Билим қайда бўлса, буюклик бўлур.
Юсуф Хос Хожиб
Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Ҳаёт ҳам бўлмасди гўзал бу қадар.
Абдурахмон Жомий
Билим, маърифат яхши ахлоқ билан безанмоғи лозим.
Абу Наср Фаробий
Ҳар қандай таълим ва тарбияда энг асосий омил ― муаллим, унинг тафаккур дунёсидир.
А.Дистервег
Тадбирни ташкил этишнинг намунавий ценарийси
Мактабнинг тадбир ўтказиладиган ҳудуди (фойэ, фаоллар зали, майдон) байрамона руҳда, устоз-мураббийларни шарафловчи шиорлар билан безатилади. Кўп йиллардан буён ўқувчиларга билим бериб, таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган ўқитувчи ва мураббийларнинг “Мактабимиз фахрлари” номли фотостенди тайёрланади. Белгиланган вақтда мактабнинг кириш қисмида меҳмонлар ва устоз-мураббийлар “Устозлар” қўшиғи садоси остида, гуллар билан қарши олинади. Бошловчилар икки томондан чиқиб келади.
1-бошловчи: (ўғил бола ўқувчи).
― Ассалому алайкум, бағри кенг, қалби дарё, меҳри зиё устозлар ва азиз меҳмонлар!
2-бошловчи: (қиз бола ўқувчи).
― Ассалому алайкум, эй маърифат боғининг боғбонлари,
эй шараф соҳиблари, эй меҳр уммонлари!
1-бошловчи:
― Сизни қанча таъриф этсак, мадҳ айласак, шунча оз,
Сиз муаллим, Сиз мураббий, Сиз азиз, мунис устоз!
2-бошловчи: ― Устоз ва мураббийлар илму маърифат ва касб-ҳунарни авлоддан авлодга элтувчи, ўқувчилар қалбини илму зиё нури ила нурафшон этувчи эзгу касб эгаларидир.
1-бошловчи: ― Азиз устозлар, жонажон мураббийлар, барча-барчангизни 1 октябр ― Ўқитувчилар ва мураббийлар куни байрами билан минглаб шогирдларингиз номидан муборакбод этишга ижозат бергайсиз!
2-бошловчи: ― Айтишларича, инсон ҳали дунёга келмасидан, яратган унинг жисмига жон ато этган ондан, она қорнидалигидаёқ илк бахш этиладиган неъмат ― бу тарбия ва таълим экан.
1-бошловчи: ― Дарҳақиқат, оламга боқсангиз буюк ишлар, хусусан, инсонлар ўртасидаги холис муносабатлар, улар барпо этаётган олам тараққиёти, улкан кашфиётлар, изчил тамойилларнинг кун сайин юксалаётганидан далолатдир. Асрлардан асрларга ўтиб келаётган ўлмас меросларнинг келажак ворисларга этиб келиши, инсоният тамаддунига ўчмас нақшлар ила қайд этилган. Ҳар даврда, ҳар бир миллатнинг ўзига хос таълим тарбияси ― ўзлигининг ҳосиласи эканига гувоҳ бўламиз. Бу боқийлик силсиласида устоз ва мураббийларнинг номи алоҳида зикр этилиши таҳсинга лойиқ.
2-бошловчи: ― Шундай экан, бугун айтиладиган жамики яхши сўзлар устоз деб аталмиш қалб меъморлари ҳақида.
1-бошловчи:
― Меҳрингиз-ла очмуш ҳаёт кўзини,
Мадҳ этмоққа шайдур бугун овозим.
Сизга ўхшатаман қуёш юзини,
Оддий муаллимим, азиз устозим.
2-бошловчи:
― Фан боғининг боғбонисан, муаллим,
Миллион диллар достонисан муаллим.
Сен ўргатдинг маърифатдан зўр китоб,
Бул китобки, нур сочишда зўр офтоб.
(Акмал Пўлат).
1-бошловчи: ― Бугунги байрам кечамизни очиб бериш учун мактабимизнинг директори ______________________________________________________ни даврамизга таклиф этамиз.
(Табрикдан сўнг, байрам тадбири очиқ деб эълон қилинади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди ва барчаиштирокчилар қўлларини кўксига қўйиб, жўр овоз билан давлат мадҳиясини куйлайди).
2-бошловчи: ― Президентимиз томонидан 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда белгиланган вазифаларнинг долзарблиги халқ таълими ходимлари учун алоҳида аҳамият касб этди. Ёшларни ҳар томонлама этук, баркамол ва комил инсон этиб тарбиялашда, келажакда улар жамиятимизнинг барча соҳаларида ўз ўрниларини топиб, халқимизга хизмат қиладиган этук мутахассис бўлиб этишишларида Сиз устоз-мураббийларнинг берган сабоқларингиз, келажак йўлини тўгри кўрсатиб, барча эътиборингиз ва куч-ғайратингизни сарфлаётганингиздан миннатдормиз.
1-бошловчи: ― Халқимизда “Устоз отангдай улуғ!” деган нақл бор. Бу пурҳикмат сўз замирида катта маъно мужассамдир.
Устоз отангдай улуғ, устоз қадами қутлуғ,
Устознинг ҳар каломи илму ҳикматга тўлиқ,
Устознинг дили равшан, устоз макони ёруғ,
Униб чиқар, албатта, устоз ташлаган уруғ,
Устоз қадами қутлуғ, устоз отангдай улуғ.
Азизлар, бугунги тадбиримизга устоз-мураббийларни табриклаш учун мактабимизнинг “______” номли бадиий жамоаси табрик қўшиғини тайёрлаб келишган.
(Болалар залга қувноқ қўшиқ садоси жўрлигида кириб келади. “Бахтли болалик” қўшиғи ижро этилади).
2-бошловчи: ― Азизлар, Республикамиз Мустақилликнинг илк йилларидан буён, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларда улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Натижада, Ўзбекистон дунёда ўз мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Бугунги кунда, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистон эр шаридаги барча миллат ва элатларга ўзининг урф-одатлари, анъана ва қадриятлари, ўзаро ҳурмат ва миллатлараро тенглик, инсонпарварлик фазилатлари билан намуна бўлиб келмоқда.
1-бошловчи: ― Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида “Маънавий жасорат”га шундай таъриф берганлар “бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат-бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз”. Бугунги кунда шубҳасиз, маънавий жасорат соҳиблари ― ўқитувчи ва мураббийлардир
2-бошловчи: ― Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 21 июнда халқ таълими тизимини тубдан ислох қилиш, жамиятда ўқитувчининг обрўсини ошириш мақсадида зарур топшириқлар берар экан “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни, мен ҳам ҳурмат қилмайман”, деб алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Бугун мамлакатимизда ўқитувчи-мураббий обрўсини кўтариш борасида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
2018 йил 14 августда қабул қилинган “Ёшларни маънавий-аҳлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3907-сонли Қарорида юксак маънавиятли, кенг дунёқарашга эга бўлган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, педогог ходимларнинг қадр-қиммати ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий, маънавий ва ижтимоий химоясини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга истеъмол кредитлари, шу жумладан, автокредитлар бериш тўғрисида тўхталиб ўтилган.
1-бошловчи:
― Рост айтсам, ўзингсан энг аввал даҳо,
Сен ҳаёт ганжида дури бебаҳо,
Улуғ айёмингда шеърий калом бу.
Шогирдлар номидан қутлуғ салом бу.
1-бошловчи: ― Азиз устозлар! Бугунги барча самимий тилаклар, куй ва қўшиқлар сизлар учун.
2-бошловчи: ― Бугунги байрам тадбирини қизиқарли ва мазмунли ўтиши, аввало, сиз азиз устозларга боғлиқ. Тўғрими?
1-бошловчи: ― Албатта, ушбу тадбиримиз Республикамиз Мустақиллигининг
27 йиллиги, ҳамда 1 октябр ― Ўқитувчилар ва мураббийлар куни қонун билан умумхалқ байрами деб эътироф этилганлигининг 21 йиллиги шодиёналари арафасида нишонланаётгани қувонарли.
2-бошловчи: ― Келинг, энди тадбиримизнинг таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган фахрий устозлар ва мураббийларни шарафлаш қисмига ўтсак.
(Таклиф этилганлар давра саҳнасига этиб келгунларига қадар 2-бошловчи устозларни улуғловчи шеър ўқийди).
1-бошловчи:
― Қуёшдан уйғонган куртак мисоли
Онгу идрок Сиздан топди зиёлар.
Сиз боис миллатнинг авжу камоли,
Сиз боис дунёга келар даҳолар.
Устоз аввалсиз, комил ва мумтоз,
Сиз улуғ муаллим, мураббий, устоз!
(Халқ таълими тизимида фидокорона меҳнат қилаётган, эл-юрт ишончини оқлаган устозларга вазирликнинг тармоқ мукофоти “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ, фаол ўқитувчиларга эса ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари ва маҳаллий ҳокимликнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилади. Рўйхат бошловчилар томонидан эълон қилиниб турилади. Ғолибларга тантанали суратда тақдирланади).
2-бошловчи: ― Тақдирланган устозлар номидан навбатдаги табрик сўзини ________________га берамиз.
(Табрикдан сўнг, навбат санъаткорга берилади. Шўх қўшиқ куйланади ва фахрий устозлар рақсга таклиф этилади).
1-бошловчи:
― Улуғлигим илдизи сизда мужассам,
Турли хил соҳадан берасиз таълим.
Уни тинглаганда кичик жуссам ҳам,
этук инсон каби ўсгай, муаллим
Қалбингизда доим илм порлайди,
Гўё у нур каби бизни чорлайди.
Сиз менинг тундаги ёруғ юлдузим,
Нурли кундузимсиз, азиз муаллим
2-бошловчи:
― Сиз-ку “Алифбо”дан “Қомус”гача то
Бари-барисини танитган устоз.
Илк бор сиз кўрсатган нурафшон Зуҳро
Бугун маърифатга қуёшдир мумтоз.
Сиздан бошланади дилларда ёғду,
Оламга таратгай садоқатдан нур.
Буюклар номидан қасамёд гап бу:
Азиз мураббийлар, Сизга ташаккур.
1-бошловчи: ― Азиз устозлар, Сизларга ҳар қанча ҳурмат ва эҳтиром кўрсатсак, шунча оз. Бугунги барча самимий тилаклар, куй ва қўшиқлар сизлар учун.
(Навбат яна санъаткорга берилади. Шўх қўшиқлар куйланади. эл ардоғидаги санъаткор ва шоирлар ўзларининг қўшиқлари ва шеърлари билан тадбир қатнашчиларини табриклайдилар. Бошловчилар консерт дастурида иштирок этувчи санъаткор, ёзувчи ва шоирларни эълон қилиб борадилар).
Консерт дастури ўқитувчи-мураббийларга бағишлаб куйланган “Устозлар” қўшиғи билан якунланади.
(Консерт дастури тугагач, бошловчилар саҳна олдига чиқадилар).
2-бошловчи: ― Азиз устозлар, мураббийлар ва меҳмонлар! Биз ўқитувчи, мураббий, устоз деганда юзидан нур ёғилиб, юраги доимо ёниб турган фидойи шахс сиймосини тасаввур қиламиз. Қалбингиздан қувонч, юзингиздан нур асло аримасин!
1-бошловчи: ― Барчангизни байрамингиз билан яна бир бор қутлаб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват, хонадонингизга файзу-барака тилаймиз. Фарзандларингиз ва шогирдларингизнинг камолини кўришдек бебаҳо бахт ҳар бирингизга насиб этсин, азиз устозлар!
Республика таълим маркази Ижтимоий фанлар ва маънавий-маърифий ишлар бўлими