Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!
Умумтаълим муассасаларида ҳарбий ватанпарварлик ойлигини ўтказиш юзасидан тавсия
Ватан тупроғи азиз, унинг ҳар қарич ерини муносиб ҳимоя қилиш энг муқаддас бурч. Бу бурчни ёш авлод онгига сингдириш, Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаётган ҳарбийларимизни шарафлаш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланади.
Нафақат Ватанимиз чегаралари, шу билан бирга юртдошларимизнинг орзу-истаклари, болаларимизнинг қувончу шодликларини ҳам муносиб ҳимоя қилаётган ҳарбийларимиз хизматини ҳар қанча эътироф этсак-да оз. Ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини уйғотишда ҳарбийларимизнинг хизмати беқиёсдир. Бугун партада ўтириб, дунёни англашни ўрганаётган бола эртага Ватани учун жонини фидо қиладиган ўғлон бўлиб улғайишида шу кунларда юртимизнинг барча таълим муассасаларида ташкил этилаётган ватанпарварлик тадбирларининг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 9 декабрдаги «Ватан ҳимоячилари куни»ни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида»ги Фармойиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 декабрдаги 07/1-829-сонли кўрсатмасига биноан Халқ таълими вазирининг 2015 йил 12 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари куни”ни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.
Мазкур буйруқда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш, ўқувчиларда ватанпарварлик, бурчга садоқат, ҳушёрлик ва огоҳлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни Қуролли Кучлар, мамлакат мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти билан янада чуқурроқ таништириш вазифалари белгилаб қўйилган.
Бу йилги тадбирлар “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида ўтмоқда. Таълим муассасаларида 2015 йил 15 декабрдан — 2016 йил 14 январгача “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” деб эълон қилиниб, ойлик доирасида оммавий-ватанпарварлик тадбирлари ташкил этилаяпти.
Ҳарбий хизматчилар, уруш ва меҳнат фахрийлари, Қуролли Кучлар ветеранлари иштирокида “Авлодлар учрашуви”, “Эъзоз”, “Эҳтиром” каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, ўқувчиларда Ватанга муҳаббат, мамлакат Қуролли Кучларидан фахрланиш, ҳарбийлик касбига ҳурмат туйғулари кучайтириб борилмоқда.
Таълим муассасаларида оммавий ватанпарварлик тадбирларини ўтказишда қуйидагиларга эътибор қаратиш тавсия этилади:
тадбирларга уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар, мустақиллик йилларида Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлганларнинг яқинлари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва «Камолот» ЁИҲ вакилларини таклиф этиш;
тадбирларда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, самаралари, ҳарбий хизматчилар ҳаёти, уларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида маълумот бериш;
юрт тинчлиги йўлида қурбон бўлган аскар ва зобитларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш;
ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ташкил этилиши ва ривожланиш тарихи билан таништириш мақсадида ҳарбий қисм, олий ҳарбий таълим муассасалари ва сержантлар тайёрлаш мактабларига экскурсиялар уюштириш;
болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар фестивалини ўтказиш;
болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида, умумтаълим муассасаларида ҳарбий-спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этиш;
таълим муассасаларида Ватан ҳимоячилари кунини муносиб кутиб олиш мақсадида ўқитувчилардан иборат тарғиботчилар гуруҳини тузиш ва улар иштирокида “Эрталабки сафланиш” ва “Тарбиявий соатлар”да “Тинчлик учун курашмоқ керак!” шиори остида тарғибот ишларини ташкил қилиш;
тадбир ўтказиладиган жой(саҳна)ни Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган деворий газета, плакат, баннерлар билан безатиш;
ҳарбий соҳада эришилган ютуқларимиз, тинч ва осойишта ҳаётимизга доир лавҳаларни проектор орқали намойиш этиш мақсадга мувофиқ.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижроси билан бошланади. Муассаса раҳбари барчани байрам билан табриклаб, мамлакатимизда ҳарбий соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони
Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапиради.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, «Миллий армиямизни шакллантириш ва ислоҳ қилиш жараёнида тўпланган тажрибани барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар, чақириқ ёшига етган ўғлонларимиз ўртасида ҳар томонлама тарғиб қилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этишда кенг қўллаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Армияда хизмат қилиш ёш авлодимиз учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб, унинг нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бундай хизматнинг жозибадорлиги фақат яратиб берилаётган имтиёзлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан юқори даражада таъминлангани билангина боғлиқ эмас, албатта. Бу, авваламбор, армия ёш авлодимиз учун ҳақиқатан ҳам мардлик ва мустаҳкам иродани, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айлангани билан изоҳланади».
Тадбирда сўз олганлар 1991 йил 31 августда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳамда мазкур қонун мамлакатимиз Қуролли Кучларини тузиш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилгани ҳақида атрофлича тўхталиб ўтадилар. Мамлакатимизда қатор олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда мард ва жасур ҳарбий кадрлар тайёрланаётгани ҳақида сўз юритилади.
Тадбирга таклиф этилган меҳмонлар ўқувчиларга Ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш муқаддас бурч экани, ҳар бир қарич еримизни кўз қорачиғидек асраш лозимлигини таъкидлаб, уларни огоҳликка чақиради.
Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилади. Юқори синф ўқувчилари саҳна кўринишлари орқали Конституциямизда мамлакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиши, шу билан бирга, Ватанимизни ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканини акс эттирадилар. Ҳар бир йигит учун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, айни вақтда шарафли вазифа экани намойиш этилади. Муддатли ҳарбий хизматга олишда чақирилувчиларнинг интеллектуал салоҳияти, жисмоний тайёргарлиги, соғлиғига эътибор қаратилиб, кўрик ва синовлардан ўтказилиши Қуролли Кучларимиз сафида жисмонан бақувват, юксак интеллектуал салоҳиятга эга йигитларнинг хизмат қилишини таъминлаши ҳақидаги маълумотлар ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш уйғотиши турган гап. Бошланғич синф ўқувчиларининг Ватан ҳақидаги шеърлари, юқори синф ўқувчиларининг байрам дастури тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлайди.
Тадбир сўнгида ҳарбий ватанпарварлик ойлигида фаоллик кўрсатган, ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган ўқувчилар ҳамда спорт тадбирларида муваффақият қозонган йигитлар рағбатлантирилади.
Республика таълим маркази