Махсус сиртқи бўлимга қабул тартиби қандай?
Савол: 2017 йилдан ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар олий маълумот олиши учун махсус сиртқи бўлимлар очилди. Мен ҳам ўрта махсус маълумотга эгаман. 6 йиллик иш стажим бор. Айтинг-чи, махсус сиртқи бўлимга қабул тартиби қандай?
Замира ҲОДИЕВА
Чортоқ шаҳри
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2017 йил 29 августдаги 7-сонли баёнининг 4-иловаси, 1-боб, 4-бандига мувофиқ, махсус сиртқи бўлимларнинг бакалавриат йўналишига ўқишга қабул қилишда номзоднинг ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига, камида уч йил педагогик амалий иш стажига эгалиги инобатга олинади. Ҳамда мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжи асосида тасарруфида мазкур таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан бериладиган тавсиянома талаб этилади.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг кадрлар бошқармаси бош назоратчиси Абдуҳамид АБДУҚОДИРОВ жавоб берди.