Бадиий академия аъзолигига ким сайланади?
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолигига номзодлар қандай шартлар асосида қабул қилинади? Аъзоларга қандай имтиёзлар бор?
Шоира ОТАБОЕВА, Урганч шаҳри
Ўзбекистон Бадиий академиясининг аъзолари академиклар бўлиб, улар 2017 йилнинг 1 декабрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 957-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ҳар уч йилда бир марта сайланади. Сайлов натижасига мувофиқ, Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзолари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 2010 йили тасдиқланган низомининг 7-бандига кўра, уюшма аъзолари уюшма низомини тан олган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган рангтасвирчилар, графиклар, ҳайкалтарошлар, дизайнерлар, театр ва кино рассомлари, фоторассомлар, видеоусталар, санъатшунослар ва амалий санъат усталари бўлиши мумкин.
Уюшма аъзолигига қабул қилиш Уюшма бошқаруви томонидан номзоднинг шахсий аризаси ва тегишли шўъбаларнинг номзод ижоди, маҳорати, салоҳиятига берган баҳоси ва тавсиясига кўра амалга оширилади.
Уюшма аъзолари бошқарув томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда аъзоликка ўтиш ҳамда йиллик бадалларни тўлайди.
Уюшма аъзолари тенг ҳуқуқли бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари қуйидагилардан иборат:
1. Уюшма фаолияти тўғрисида маълумот олиш.
2. Бадиий академия ва Уюшма томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш.
3. Уюшманинг бошқарув органларига сайлаш ва сайланиш.
4. Уюшманинг фаолияти бўйича таклифлар бериш ҳамда уларни кўриб чиқишда иштирок этиш.
5. Бадиий академиянинг кўргазма залларида ўрнатилган тартибда бепул шахсий кўргазмаларини уюштириш.
Феруза ОБИДЖОНОВА, Ўзбекистон Бадиий академияси бош илмий котиби