Мақсадли қабул: қонунбузарликми, тушунмовчилик?
Савол: Тошкент тиббиёт академияси даволаш иши йўналиши, ўзбек тили гуруҳига ҳужжат топширдим. Бу ерда бюджетга ҳужжат топширасизми, контрактгами, деган савол беришди. Мақсадли қабул бўйича Жиззах вилояти учун ажратилган давлат гранти ўринларини танладим. qabul.dtm.uz электрон манзилида ҳам контракт ўринлари учун алоҳида ҳужжат қабул қилингани кўринди. Дейлик, Жиззах вилояти учун 35 та мақсадли қабул бўйича давлат гранти ўрни ажратилган ва бир ўринга танлов 15,37 га етган. Контрактларда эса танлов кўрсаткичи 11,88. Ижтимоий тармоқларда тиббиёт олий таълим муассасалари, хусусан Андижон давлат тиббиёт институтига қабул жараёни кескин танқид қилингани, имтиҳон олувчилар қаллобликда айблангани, юқори балл тўпласа ҳам, мақсадли қабул йўналишида ҳужжат топширганлар контрактга ҳам киролмаслиги ҳақида ўқидим. Дейлик, фармация йўналишида мақсадли қабулда Андижон учун бор-йўғи 3 та ўрин ажратилгани ҳолда, 407 нафар абитуриент ҳужжат топширган ва бир ўринга танлов 135,67 ни ташкил этган. Тўлов-контракт учун 23 ўрин ажратилган ва унга бор-йўғи 32 нафар абитуриент ҳужжат топширган, танлов ҳам шунга яраша бир ўринга 1,39 талабгор. Шу вазиятга кенгроқ изоҳ берсангиз. Мақсадли қабулга ҳужжат топширган абитуриент юқори балл тўплаган бўлса, шу йўналишда контрактга кириши мумкинми?
Нурислом ЗАЙНИДДИНОВ Жиззах вилояти
1-жавоб: Мумкин. Мақсадли қабул танловида қатнашиб давлат гранти асосида қабул қилинмаган абитуриентлар мазкур таълим йўналишида тўплаган тест баллари билан умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда белгиланган.
Маълумки, ўтган йилдан бошлаб ҳудудлардаги малакали тиббий мутахассисларга реал эҳтиёжни қоплаш мақсадида мамлакатимиз тиббиёт олий таълим муассасаларида мақсадли қабул тизими жорий этилди. Бу тизимдаги янгиликлардан бехабар бўлгани боис кўплаб абитуриент, ота-оналарда тушунмовчилик, англашилмовчиликлар пайдо бўлмоқда. Дейлик, Тошкент тиббиёт академиясига фақат тўрт ҳудуд — Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри учун давлат гранти ўринлари ажратилади, бошқа ҳудуд ёшлари учун ҳам уларнинг ўз ҳудудида шундай ўринлар ажратилган. Бошқа ҳудуд дейлик, Бухоро ёки Хоразмдан келган абитуриент ҳам Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топшириши мумкин, бироқ улар энг юқори бални тўпласа ҳам тўлов-контракт асосида таҳсил олади. Сирдарёлик абитуриент ўз ҳудуди учун мақсадли қабулдан ўтолмаса, тўлов-контракт ўринларида танловда истисносиз иштирок этади. Давлат тест марказининг дастурий тизими, сайти буни автоматик тарзда ҳисоблашга дастурлаштирилган.
Ўз ҳудуди йўналишида ўқиша киролмай, тўлов-контрактга кириш балидан юқори балл олган абитуриентнинг тўлов-контрактга киролмай қолиш ҳолати бўлиши мумкин эмас. Бундай вазият кузатилмади. Балларни таҳлил қилиб ҳам шунга гувоҳ бўлиш мумкин. Даволаш иши йўналиши ўзбек гуруҳларидаги балларни олайлик. Мақсадли қабул бўйича ҳудудлар кесимидаги ўтиш баллари қуйидагича: Жиззах вилояти 159,3, Сирдарё вилояти 138,2, Тошкент вилояти 157,6, Тошкент шаҳри 156,5. Тўлов-контрактга кириш бали эса 164,8 ни ташкил этган. Шу ўринда 210 балл тўплаган хоразмлик абитуриент “нега мен тўлов-контракт асосида таҳсил олишим керак, ахир бюджетга кирганлардан юқори балл олганман”, дейиши мумкин. Йўқ, мақсадли қабулда иштирок этмагани учун, давлат бюджети асосида таҳсил ололмайди, бунинг учун Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалидаги имтиёзли, мақсадли квота учун ҳужжат топшириши зарур эди. Сирдарёлик абитуриентда эса “Мен 160 балл тўпладим, киришимга бор-йўғи 0,7 балл етмай қолди. Энди оширилган тўлов-контракт суммасининг 1,5 баробарини тўлаб қўшимча қабул қилинишим мумкинми”, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Унга ҳам йўқ деб жавоб беришимизга тўғри келади. Сирдарё вилояти учун қабул чизиғи 138,2 баллдан кейин тортилган бўлса-да, тўлов-контрактга кириш бали эса 164,8 ни ташкил этди. Гап шундаки, қўшимча қабулда тўлов-контракт суммаси айнан тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига кўра белгиланади.
Кўриниб турибдики, кўп тушунмовчиликлар ҳудудлар бўйича балларнинг турлича бўлиши натижасида келиб чиқмоқда.
Илҳом МАГЗУМОВ, Тошкент тиббиёт академияси қабул комиссияси масъул котиби ёрдамчиси
2-жавоб: Бу шунчаки англашилмовчилик. Тўлов-контракт ўринларига барча абитуриентлар ҳудудидан қатъи назар, баллар кетма-кетлигига кўра қабул қилинади. Белгиланган квоталарга танловнинг ошиб кетиши ҳақида гапирганда яна бир нарсага эътибор қаратиш керак: мақсадли ўринлар учун талабгор бўлиб турган абитуриент бир вақтнинг ўзида тўлов-контракт учун ажратилган квоталарга ҳам даъвогардир. Шунинг учун тўлов-контракт ўринларига даъвогарлар кам дея хулоса чиқармаслик керак.
Баҳромжон АБДУЛЛАЖОНОВ, Андижон давлат тиббиёт институти қабул комиссияси масъул котиби