Ўрта махсус маълумотли мутахассис
Савол: Ўрта махсус маълумотли мутахассис умумий ўрта таълим мактабларининг 1—11-синфларида жисмоний тарбия фанидан дарс бериши мумкинми?
Ҳалима РАЖАБОВА Шовот тумани
Жавоб: Бу мактабдаги педагог кадрлар таркибига кўра белгиланади. Ўрта махсус маълумотли мутахассис фақат бошланғич синфларда дарс бериши мумкин.
Саволга ХТВ мутахассиси Бухорбой АКРАМОВ жавоб берди.
Савол: Билимлар беллашувининг туман босқичида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси 96 балл тўплаб 2-ўринни, умумтаълим мактаби ўқувчиси эса 98 балл билан 1-ўринни эгаллади. Вилоят босқичида уларнинг қайси бири қатнашади?
Мубашшир АЛИЕВ
Тошкент вилояти
Жавоб: Умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашуви Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 16 январдаги 13-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш тўғрисидаги низом” асосида ўтказилади. Мазкур низомнинг 7-бандида белгиланган фанлар бўйича беллашувнинг барча босқичларида 1-ўринни эгаллаган бир нафар ўқувчи ғолиб ҳисобланиши, 8-бандида барча босқичларда белгиланган фанлар ва синфлар бўйича бир нафардан ғолиб деб топилган ўқувчилар иштирок этиши, 10-бандида эса ваколатли органларнинг қарори билан ташкил этилган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларида биринчи босқичда ғолиб бўлган ўқувчилар муассасанинг қайси халқ таълими бошқаруви органига бўйсунишидан қатъи назар, иккинчи босқичдан умумий тартибда иштирок этиши белгилаб қўйилган. Демак, юқоридаги ҳолатда беллашувнинг вилоят босқичида 98 балл тўплаб, 1-ўринни олган ўқувчи қатнашади.
Саволга Халқ таълими вазирлигининг давлат таълим стандартларини такомиллаштириш ва таълим сифати мониторинги бошқармаси етакчи назоратчиси Сафарали ҲАМРОЕВ жавоб берди.